Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Чигит экиш ишлари бошланди

Чигит экиш ишлари бошланди
08.04.2021
Айни кунларда юртимиз бободеҳқонлари, қуёш нурларининг тафти замин узра таралаётган илиқ кунларда, ернинг тобида етилганидан фойдаланиб, даладаги ишларини ҳамжиҳатликда, тезкорлик билан олиб боришмоқда.

Ердан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда суғориш сувидан унумли фойдаланиш, ҳар бир деҳқон, пахтакор ва фермернинг асосий бурчидир.

Бугун, Пискентликлар катта тараддуд ва эзгу ниятлар билан чигит экишга киришдилар. Шу муносабат билан тумандаги “GOOGLESHTER GROUP” МЧЖ даласида кўргазмали семинар ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев иштирок этган тадбирда, вилоятининг мутасаддилари, сектор раҳбарлари, соҳа вакиллари ва фермерлар қатнашди.

Семинарда сўзга чиққанлар, қисқа муддатларда чигитни экиб, ундириб олиш, ғўза парваришлаш, мўл ҳосил етиштириш бўйича ўзаро мулоҳазали, мушоҳадали, қизғин фикр алмашдилар.

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Улуғбек Узоқов ўз сўзида юртимизда сояни ғўза билан биргаликда етиштириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ўсимлик мойи ишлаб чиқаришни кўпайтириш, чорва ҳамда парранда учун сифатли ва тўйимли озуқа етиштириш имконияти оширилишини ҳам таъкидлаб ўтди.

- Жорий йилда туманимиздада жами 7800 гектар майдонга “Султон”, “Келажак”, “С-6524” навли уруғлик чигит экилади, – дейди Пискент туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев. – Туманимизда бу йил тажриба тариқасида чигит билан қўшиб, ҳамкор экин сифатида 3000 гектар майдонга соя экиш режалаштирилган. Соя ғўза билан бирга экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш мумкинлиги аксарият фермерларимизни қизиқтиради. Бундан ташқари, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш имкони яратилади. Соя мойидан, чорва учун харидоргир, омухта ем олиш мумкин. Бу бир майдондан икки ҳисса даромад келади, деганидир. Асосий мақсадимиз эса, бу йилги экин экиш мавсумни қисқа муддатларда, сифатли, самарали якунлаш, улкан, баракали хирмон ва ҳосил олиш учун дастлабки тамал тошини мустаҳкам қўйишдир...

Тажрибали фермерларнинг таъкидлашича, пневматик сеялка ёрдамида ҳар гектарига 200 кг фосфорли ўғит билан чигит экилмоқда. Чигит экиш ишларини тўғри ташкил этиш, мавсумни самарали ўтказишда 64 та ер текисловчи ва 32 та пневматик юқори унумли техника шай ҳолатга келтирилган.

Бу йил 7800 гектарда пахта етиштирилади. Тадбир доирасида вилоятнинг нуроний отахонлари, тежрибали деҳқон ва фермерлар иштирокида йил сердаромад келиши, ерга қадалаётган чигит баракали бўлиши ният қилиниб дуога қўл очилди.





  • 428