Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Ижтимоий тармоқларда 48-сон манзил-колония ҳақида тарқатилган ахборот юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда 48-сон манзил-колония ҳақида тарқатилган ахборот юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ
08.04.2021

Жорий йилнинг 7 апрель куни “Сиздан телеграм” каналида Тошкент вилояти ИИББ ЖИЭБ 48-сон манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар тўғрисидаги “Тошкeнт вилояти Оҳангарон туманидаги 48-манзил колонияда маҳкумларни мажбурий мeҳнатга жалб қилиш ва иш ҳақини тўламаслик ҳолати кузатилмоқда. Маҳкумларни ноҳақ айблаб, изоляторга қамаш ҳам рўй бермоқда...”, матни билан жойлаштирилган хабар юзасидан мазкур манзил-колония маъмурияти томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 7-моддасига асосан, маҳкумни ахлоқан тузатишнинг асосий воситаларига жазони ижро этиш ва ўташнинг белгиланган тартиби (режими), ижтимоий-фойдали меҳнат, тарбиявий иш, умумий ва ҳунар таълими, касб тайёргарлиги ва жамоат таъсири киради.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 88-моддасига асосан, маҳкумларни меҳнатга жалб этишдан асосий мақсад уларда ижтимоий-фойдали фаолият билан шуғулланиш эҳтиёжини шакллантиришдан иборат бўлиб, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни фойдали меҳнатга жалб этишда жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва имкон даражасида ҳунари ёки мутахассислиги инобатга олинади.

Маҳкумларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан, ушбу Кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солиниши, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, одатда, жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг корхоналарида, айрим ҳолларда эса, керакли тарзда қўриқлаш ва батамом ажратиб қўйиш таъминланган тақдирда, бошқа корхоналарда меҳнатга жалб этилиши, маҳкумлар топширилган ишни ҳалол, виждонан бажаришга, меҳнат ва технология интизомига, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этишлари шартлиги, уларнинг меҳнатга оид ва бошқа низоларни ҳал этиш мақсадида ишни тўхтатиб қўйиши тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 90-моддасига асосан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган иш вақтининг энг кўп нормасига риоя этган ҳолда, одатда, олти кунлик иш ҳафтаси белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 115-моддасига асосан, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 93-моддасига асосан, маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек маданий-маиший шароитни яхшилаш ишларигагина меҳнат ҳақи тўламай одатда, навбатма-навбат, ишдан ташқари вақтда, ҳафтасига кўпи билан икки соатга жалб этилади.

Манзил-колонияда маҳкумларни фойдали меҳнатга жалб этиш уларнинг аризалари асосида амалга оширилиб, расмийлаштирилган табелларга мувофиқ меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳафтада 1 (бир) дам олиш куни берилган, байрам кунлари ишдан озод этилган.

Меҳнат нормаларини ва меҳнат вазифаларини бажарган маҳкумлар меҳнатига Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 92–моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан кам бўлмаган иш ҳақи тўланиб келинмоқда.

Манзил-колонияда меҳнатга жалб этилган маҳкумлар билан ўтказилган сухбатда маҳкумлар меҳнатга ўз аризалари асосида жалб этилаётганлиги, дам олиш ва байрам кунлари ишдан озод этилганлиги, ҳақиқатда ишлаган иш куни ва иш ҳажмидан келиб чиқиб, иш ҳақлари тўланаётганлиги, манзил-колония ходимларига эътирозлари йўқлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга, шуни айтиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 13-моддаси “Маҳкумларнинг асосий мажбуриятлари” моддасида махкумлар жазони ўташ тартиби ва шартларига риоя этишлари, жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятининг қонунга асосланган талабларини бажаришга мажбурликлари хамда махкумлар ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажармаслиги қонунда белгиланган жавобгарликка тортилишлари айтиб ўтилган. Манзил колонияда махкумларни ноҳақ айблаб, интизомий бўлимга жойлаштириш ҳоллари мавжуд эмас.

Шу маънода, “Сиздан телеграм” каналида 48-сон манзил-колония ҳақида тарқатилган ахборотни бирёқлама, нохолис маълумотларга таянган ҳолда тайёрланган бўлиб, ҳақиқий воқеликдан анча йироқ ахборот, деб айтишга асос мавжуд. 




  • 563